ОКМК жамоаси учун «Ҳалол ўйин» ва футбол қоидалари бўйича семинар ўтказилди
Футбол бўйича янги мавсум старти арафасида жамоаларнинг ҳам жисмоний, ҳам назарий жиҳатдан тайёргарлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан бугун, 15-феврал куни ОКМК футбол клуби аъзолари ва мураббийлар штаби иштирокида махсус семинар ташкил этилди. Ушбу тадбир клубнинг мавсумолди тайёргарлик режасининг узвий қисми бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад футболчиларни ўйин қоидаларидаги сўнгги ўзгаришлар билан яқиндан таништириш ҳамда майдондаги ўзаро ҳурмат тамойилларини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Мазкур семинар машғулотларини халқаро тоифадаги мутахассис, FIFA ҳаками Владислав Сейтлин олиб борди. Тажрибали ҳакам томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида футболда «ҳалол ўйин» (Fair Play) принципларига риоя қилиш, ҳакамлар билан мулоқот маданияти ва майдон интизоми каби масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, сўнгги йилларда халқаро ареналарда юзага келаётган баҳсли вазиятлар ва уларнинг ҳакамлар томонидан қабул қилинадиган қарорларига таъсири мавзуси семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирнинг амалий қисмда реал ўйин ҳолатлари акс этган видеолавҳалар намойиш этилиб, улардаги мураккаб ва зиддиятли вазиятлар мутахассис томонидан шарҳлаб берилди. Бу услуб футболчиларга қоидалардаги назарий билимларни амалий мисоллар ёрдамида яхшироқ тушуниш имконини берди. Видеотаҳлиллар давомида нафақат ҳакамлик қарорлари, балки мухлислар ўртасидаги тортишувларга сабаб бўладиган ҳолатларнинг олдини олиш чораларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган йиғилиш якунида ОКМК аъзолари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисга юзландилар. Ҳар бир савол юзасидан батафсил ва қониқарли жавоблар берилиб, янги мавсумда юзага келиши мумкин бўлган ноаниқликларга ойдинлик киритилди. Бундай семинарлар жамоанинг майдондаги тартиб-интизомини ошириш билан бирга, замонавий футбол талабларига мос равишда ҳаракат қилиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.