Наврўзбек Иминжонов: Яйпан бош мураббийи Рашид Ғофуров катта футболга қадам қўйишимда муҳим роль ўйнаган
Металлург навбатдаги тур учрашувига, "Пахтакор" ФЖга қарши баҳсга тайёргарликни бошлаб юборди.
Клуб матбуоти ҳужумчи Наврўзбек Иминжоновга баъзи саволлар билан юзланди.
Маълумот учун, Иминжонов ПРО-Лига 4-туридан сўнг тўпурарлар пойгасида (3 та гол билан) иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Етакчи "Арал" вакили Қалмағамбетов ҳисобида 4 та тўп мавжуд.
Янги мавсумнинг 4 та тури ортида қолди. Сиз учун қайси жамоа энг ноқулай рақиб бўлди?
Мен учун энг ноқулай рақиблардан бири 1-турдаги "Яйпан" жамоаси бўлди. Бу жамоада жуда яхши таркиб йиғилган, тартибли ва курашувчан ўйин кўрсатади. Қўшимчасига мавсумдаги биринчи ўйин эди. Ана шу баҳсда бироз қийналдик, айниқса, ўйин темпи ва босим юқори бўлди.
Шу билан бирга "Яйпан" бош мураббийи Рашид Ғофуровни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. У инсон катта футболга қадам қўйишимда муҳим роль ўйнаган. Шунинг учун бу жамоага қарши ўйин мен учун бошқа баҳслардан ажралиб турибди.
Тиғиз тақвим ва футболчиларнинг унга мослашиши ҳақида...
Албатта, тиғиз тақвим футболчиларга маълум даражада қийинчиликлар туғдирмоқда. Айниқса ўйинлар оралиғида тикланиш жараёнида бироз қийинчиликлар бўляпти. Аммо бу футболнинг бир қисми — биз ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишимиз зарур. Жамоадошларим билан бунга мослашиб боряпмиз ва ҳар бир ўйинга максимал даражада тайёр бўлишга ҳаракат қиляпмиз.
Ортда қолган 4 та баҳсда 3 та гол ва тўпурарлар пойгасида 2-ўриндасиз. Мавсум старти олдидан тўпурар бўлиш ҳақида ўйлаганмидингиз?
Албатта, ҳар бир ҳужумчи ўз олдига тўпурар бўлишни мақсад қилиб қўяди. Мавсум бошида мана шуни ният қилганман ва ҳар бир ўйинда жамоамга фойда келтириб, гол уришга ҳаракат қиляпман. Бироқ энг муҳими — жамоа натижаси. Ана ундан кейин имкони бўлса, албатта, лига тўпурарлиги учун ҳам курашаман.
Навбатдаги рақиб — "Пахтакор" ФЖ ҳақида нималар дея оласиз? Ушбу баҳсга тайёргарлик ҳақида гапирсангиз
5-турдаги рақибимиз — "Пахтакор" ФЖ. Бу жамоа ёш ва иқтидорли футболчилардан шаклланган. Жуда тезкор ва интиluvчан йигитлар бор. Тайёргарлигимизга келсак, одатдагидек, барча астойдил меҳнат қилмоқда. Ушбу баҳсга ҳам ғалабани кўзлаб тайёрланяпмиз. ПРО-Лигада осон рақибнинг ўзи йўқ.