«Насаф»нинг Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақасининг 1-туридаги рақиби ҳақида
Бугун «Насаф» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг 1-тури доирасида Баҳрайннинг «Ал-Халдия» жамоасига қарши майдонга тушади.
Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз.
«Ал-Халдия» Баҳрайн футболидаги энг ёш клублардан бири ҳисобланади. Жамоа 2020 йил 27 октябрда ташкил этилган ва қисқа вақт ичида мамлакатнинг етакчи клубларидан бирига айланган.
Жамоа мухлислар орасида Lions of Bahrain (Баҳрайн шерлари) номи билан танилган.
«Ал-Халдия» ўз уй учрашувларини Риффа шаҳрида жойлашган Баҳрайн Миллий стадионида ўтказади. Мазкур арена 24 мингдан ортиқ мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.
Клуб қисқа тарихига қарамай, Баҳрайн футболида бир қатор совринларни қўлга киритишга улгурган. «Ал-Халдия» 2 карра Баҳрайн чемпиони, 2 карра Баҳрайн Қирол кубоги ҳамда 4 карра Баҳрайн Суперкубоги соҳиби ҳисобланади.
Жамоа 2022/23 ва 2023/24 йилги мавсумларда кетма-кет икки бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. 2025/26 йилги мавсумда эса «Ал-Халдия» чемпионлик учун сўнгги турга қадар кураш олиб борди ва 54 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Чемпион «Ал-Муҳаррақ» 55 очко жамғарди.
«Ал-Халдия» шу вақтга қадар Осиё футбол конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий клуб мусобақаларида 15 та учрашув ўтказган. Баҳрайн вакили ушбу баҳсларнинг 5 тасида ғалаба қозонган, 4 учрашувда дуранг қайд этган ва 6 марта мағлубиятга учраган.
Жамоанинг Осиё майдонидаги энг яхши натижаси 2024/25 йилги мавсумга тўғри келади. «Ал-Халдия» Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақаси гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, нимчорак финалга қадар етиб борган. Ушбу босқичда жамоа Эроннинг «Трактор» клубига икки ўйин натижасига кўра имкониятни бой берган.
Ўтган мавсумда эса «Ал-Халдия» Осиё Чемпионлар Лигаси-2 гуруҳ босқичида «Ал-Аҳли», «Андижон» ва «Аркадаг» билан бир гуруҳдан жой олди. Баҳрайн клуби 6 учрашувда 1 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият қайд этиб, 6 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига чиқа олмади.
«Ал-Халдия»ни айни пайтда хорватиялик мутахассис Горан Томич бошқармоқда. 49 ёшли мураббий фаолияти давомида Хитой, БАА ва Саудия Арабистони клубларида ҳам ишлаган.
Жамоа ёзги трансфер ойнасида таркибини сезиларли даражада кучайтирди. Жанубий Африка Республикаси терма жамоаси ярим ҳимоячиси Патрик Масванганьи «Орландо Пайретс»дан «Ал-Халдия» сафига келиб қўшилди. Шунингдек, шимолий македониялик ҳимоячи Дарко Велковски, марокашлик Абделҳак Ассал, Валид Саббар ҳамда хорватиялик Домагоя Дроек каби футболчилар жамоа сафига қўшилди.
Бундан ташқари, бразилиялик Глейсон Морейра ҳамда Баҳрайн терма жамоаси вакилларидан Меҳди Ҳумайдан ва Муҳаммад Одил каби футболчилар жамоанинг муҳим ўйинчилари ҳисобланади.
«Ал-Халдия» янги мавсумни ҳам юқори натижалар билан бошлади. Жамоа Баҳрайн чемпионатининг дастлабки турида «Ал-Нажмани» 7:2, иккинчи турда «Аъалини» 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи турда эса «Ал-Риффа» билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Шу тариқа, Горан Томич шогирдлари дастлабки уч учрашувда 7 очко жамғариб, рақиблар дарвозасига 10 та гол киритди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг 1-туридан ўрин олган «Ал-Халдия» — «Насаф» учрашуви бугун Баҳрайнда бўлиб ўтади.