МИЮ футболчиси “Лион” устидан қўлга киритилган ғалабадан сўнг жамоа мухлисларини танқид қилди
Европа Лигаси чорак финалининг жавоб ўйинида “Манчестер Юнайтед” “Лион”ни мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
“Қизил иблислар” ҳужумчиси Жошуа Зиркзе ушбу ғалабадан сўнг ижтимоий тармоқларда жамоанинг айрим мухлисларини танқид қилди.
Дастлабки баҳс 2:2 ҳисоби билан якунланган эди. Жавоб ўйинининг асосий вақтида ҳам томонлар 2:2 ҳисобини қайд этишди. Қўшимча бўлимларда эса МИЮ камбек амалга ошириб, сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди.
Аммо баъзи мухлислар ўйин якунланмасдан аввал, тақдирга тан бериб, “Олд Траффорд”ни тарк эта бошлади.
Ўйин якунлангач, Зиркзе ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига майдонда қолган мухлисларнинг қўшиқ куйлаётгани акс этган видеони жойлаб, остига қуйидагича изоҳ қолдирди:
“Тушкунликка тушганимизда бизни тарк этган барча мухлислар, буни тингланг!”.
Маълумот учун, Рубен Аморим шогирдлари Европа Лигаси ярим финалида “Атлетик Бильбао”га қарши майдонга тушади. Учрашув 1-майдан 2-майга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да старт олади.