Миржалол Қосимов: Помидорнинг ҳам сунъийсининг мазаси бошқача бўлади, табиийси эса умуман бошқа таъм беради. Нарҳиям бошқача бўлади
Ўзбекистон Суперлигасининг 28-туридан ўрин олган ОКМК – “Навбаҳор” (3:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. “Кончилар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Яна икки хил бўлим кўрдик. Учрашувнинг биринчи бўлимида яхши ўтказдик, вазиятлар яратдик, голлар урдик. Иккинчи 45 дақиқаликни ҳам яхши бошладик. “Навбаҳор” дарвозабони бир нечта голдан қутқариб қолди. Кейин эса нимагадир ўйинни ташлаб юбордик. Иккинчи бўлимнинг ярмидан кейин яхши ҳаракат қила олмадик. Ўз дарвозамиздан тўп ҳам ўтказиб юбордик. Агар рақиб иккинчи тўпни киритганида, ўйин тизгини умуман ўзгариб кетиши мумкин эди. Ўзбек бўлганимиз учун ҳам шу нарсани йўқ қилиб бўлмаяпти.
Жуда эрта хотиржамликка берилиб қоляпмиз. Ваҳоланки, шогирдларимга ишонаман, биз охиригача ўйин кўрсата оламиз. Ғузорда “Шўртан” билан ҳам шундай бўлганди. У ерда ҳам хотиржамликка берилиб, бунинг оқибатида хато қилиб ютқазиб қўйгандик. Футбол эса хатоларни кечирмайди. Доим охиригача ҳушёр туриш керак. Энди қисқа таътилга чиқамиз, FIFA кунлари бошланади. Сўнгра яна йиғилиб, машғулотларни давом эттирамиз.
- Умумий мавсумни оладиган бўлсак, ОКМК чемпионатни жуда яхши бошлади, бир нечта камбеклар гувоҳи бўлдик, жамоа туннир жадвалида пешқадамга ҳам айланди. Лекин шундан сўнг иккинчи даврага келиб, пастга шўнғиш кузатила бошланди. Бунга нима сабаб бўлди?
- Ҳаммаси “Шўртан” билан беллашувдан кейин бошланди. Учрашув қолдирилди, кейин бошқа пайт ўтказилди, 0:0 ўйнадик ва ҳаммаси шу билан бошланди. Футболда тaltайиш керак эмас, доим ерда юриш керак. Кўпинча турнир жадвалига қараб, ҳозир бемалол ютамиз, деб ўйлаймиз, лекин бундай эмас. Ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш шарт. Қайси ютуқ осонликча қўлга киритилади, ҳеч бири.
Шунинг учун имконим бўлганида, футболчилар миясига кириб, нима хаёлда эканликларини билган бўлардим, деб бехуда гапирмадим. Бизга барқарорлик етишмади. Ўйин пайтида ўзингни ўзгартиришинг қийин, бунга ўйиндан олдин руҳан тайёрланиш керак. Ҳозир майдонга чиқиб, ундуқ қиламан, бундуқ қиламан деган билан иш битмайди. Рақиб аҳмоқ эмас, улар ҳам қараб турмайди. Жадвалдаги юқори жамоалар билан яхши ўйнадик, бироқ ўзимиздан пастдагилар билан ўйнай олмадик.
- Келаси йил жамоа таркиби анча ёшарaр экан, деган гаплар қулоққа чалилди...
- Футболда ҳамма нарса табиий бўлиши керак. Миш-мишлар эса доим бўлган, ҳеч қачон тўхтамайди. Биз ҳар доим сабрли, ҳаракатчан ёшларга имконият берамиз. Помидорнинг ҳам сунъийсининг мазаси бошқача бўлади, табиийси эса умуман бошқа таъм беради. Нарҳиям бошқача бўлади. Мен буни мисол тариқасида айтдим.
Ёшлар ҳам табиий катта бўлиши керак. Улар ҳам кимдандир ўрнак олиб, улғайиши лозим. Лекин ҳаммаси табиий йўл билан амалга ошиши керак. Бирданига ёшартириш яхши оқибатга олиб келмаслиги мумкин.
Бир гал айтгандим: журналистларнинг ҳам айби бор деб. Чунки бизнинг ОАВда кўтар-кўтар ниҳоятда чегарасиз. Сал яхши ўйнаб қолса, дарров юқорига кўтарамиз, юлдуз яcаб қўямиз. Битта ўйинда зўр ўйнаб, кейин ўнта ўйин ўтирса, бунинг кимга кераги бор? Шунинг учун ҳам ҳаммаси табиий бўлиши керак. Бу албатта, менинг шахсий фикрим. Агар раҳбарият фақат 17 ёшлилар ўйнасин, Суперлигада юрсанглар бўлди десе, унда бошқача иш тутамиз.