«Машъал» Суперлигага шай: тайёргарлик якунга етмоқда
Муборакнинг «Машъал» жамоаси иккинчи давра олдидан тайёргарлик ишларини режа асосида олиб бормоқда. Жамоанинг йиғини 1-июн куни Муборак шаҳрида старт олди. Тайёргарликнинг дастлабки босқичида мураббийлар штаби таркибни шакллантириш мақсадида бир қатор янги футболчиларни кўрикдан ўтказди ҳамда жамоанинг жисмоний ва тактик тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғиннинг кейинги босқичи Тошкент шаҳрида давом эттирилди. У ерда «Машъал» бир қатор кучли рақибларга қарши назорат учрашувларида иштирок этиб, турли тактик схемаларни синовдан ўтказди ҳамда футболчиларнинг ўйин амалиятини оширишга эришди.
Тайёргарлик йиғини доирасида ўтказилган назорат учрашувлари қуйидагича якунланди:
«Машъал» – «БухДУ» — 1:1
«Машъал» – «Ғазалкент» — 2:2
«Пахтакор» – «Машъал» — 6:1
«Локомотив» – «Машъал» — 4:2
«Бунёдкор» – «Машъал» — 1:1
Назорат баҳслари давомида мураббийлар штаби футболчиларнинг имкониятларини ҳар томонлама баҳолаб, жамоанинг янги мавсум олдидан оптимал таркибини шакллантириш устида иш олиб бормоқда. Учрашувлар натижаларидан кўра, футболчиларнинг функционал ҳолати, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва тактик тайёргарлигини ошириш асосий мақсад этиб белгиланган.
Айни пайтда «Машъал» ўз тайёргарлигини Муборак шаҳрида давом эттирмоқда. Жамоа Муборакда машғулотларни давом эттирар экан, барча тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Суперлигаси 12-тури доирасидаги муҳим учрашувга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 17-июл куни «Машъал» Ғузорда «Қўқон-1912» жамоасини қабул қилади. Беллашув соат 20:00 да старт олади.