Максим Шацких: Биринчи таймда шунча вазият яратиб, гол ура олмасликни қандай изоҳлаш мумкин, билмадим
“Андижон” – “Сўғдиёна” (2:2) учрашувидан кейинги матбуот анжумани иккинчи қисмида бурғутлар устози Максим Шацких иштирок этди.
- Ростини айтсам, сўзимни қаердан бошлашни билмаяпман. Биринчи таймда шунча вазият яратиб, гол ура олмасликни қандай изоҳлаш мумкин, билмадим. Учрашув биз учун анча оғир бўлди. Қайсидир маънода баъзи футболчиларга жонбозлик кўрсатганлари учун раҳмат айтдим ва хурсанд бўлдим. Режа билан иш тутганлари, азарт ва иштиёқ борлиги учун мамнун бўлдим. Мен алоҳида индивидуал маҳорат ҳақида гапирмаяпман. Биз бугун жамоавий ва характер кўрсатган ўйинни томоша қилдик. Осиё Чемпионлар лигасида қийин ўйинни ўтказиб қайтгандик. Бу қайсидир маънода ушбу учрашувга ҳам таъсирини кўрсатди. Шундай бўлса-да, йигитларга миннатдорчилик билдираман. Улар тикланиш жараёнини яхши ўтказишди. Ўзимиз хоҳлаган нарсага яқинлашишга ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда нисбатан фаолроқ бўлдик, дейишим мумкин. Албатта, хатоларни ёпиб бўлмайди. Камчиликларимиз бор. Ўтказиб юборилган голлар фақат ўз хатомиз сабабли бўлди. Таҳлил қилиб чиқамиз. Кейинчалик бундай хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз. Футболчиларга ва мухлисларимизга миннатдорлигимни билдираман. Ишқибозлар бизга қўллаб-қувватлашда давом этади ва биз уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Улар яхши кайфиятда бўлиши учун биз доимо қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.
- “Андижон” аутсайдерлар қаторидан ўрин олмоқда, бу сиз, мураббийлар штаби учун қай даражада хавотирли?
- Қандай хавотир ҳақида гапиряпсиз? Биз мураббийлар штаби ҳар бир учрашувда ғалаба учун тайёрлаймиз. Ҳар бир ўйиннинг ўзига яраша масъулияти бор. 4 кундан сўнг ОКМК билан ўйнаймиз. Биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Биринчи таймда бир қатор вазиятлар яратдик. Аммо унумли фойдалана олмадик. Билмадим, бу нима билан боғлиқ? Иккита гол урдик, бироқ иккита гол ҳам ўтказиб юбордик. Бундай учрашувлар бўлиб туради. Ҳали ўйинларимиз бор. Ҳозирча турнир жадвалига унчалик жиддий ёндашиб бўлмайди. Бу ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Энди кейинги учрашув ҳақида ўйлашимиз керак.
- Люпчо Дориевни Суниятиллоҳ Ҳамиджонов қўриқлади. Ростдан ҳам унинг вазифаси Дориев билан шахсий ўйнашми?
- Улар шунчаки ўз позициясида тўп суришди, холос. Ўнг қанотда Дориев вингер, бунга тан оламиз.
- ОЧЛ учун украиналик Евгений Макаренко билан шартнома имзоландими?
- Ҳозирча йўқ. Аммо режамизда бор ва 1 октябрдаги муҳим учрашувга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Афсуски, айрим чизиғимизда ўзимизга яраша муаммоларимиз бор. Бу футболчининг нималарга қодирлигини аввалдан билганман. Бизга катта ёрдам бера олишига ишонаман.