locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Максим Шацких: “Ҳаммаси қониқтиряпти, эътироз йўқ”

Футбол
Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Максим Шацких: “Ҳаммаси қониқтиряпти, эътироз йўқ”
Photo: telegram

“Андижон” жамоамиз Тожикистонидаги йиғин доирасида “Хўжанд”га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Беллашувдан сўнг “Андижон” бош мураббийи Максим Шацких клуб матбуот хизмати саволларига жавоб қайтарди.

- Максим Александрович, “Хўжанд”га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашуви борасидаги фикрларингиз қандай?

- Яхши рақиб билан майдонга тушдик. Учрашувда ўйинчиларнинг ҳолатини текширдик ва бир қатор ёшларни ҳам кўздан кечириб олдик. Ўринбосарлар таркибидан жалб қилинган футболчиларни қандай салоҳиятга эгалигини ушбу ўйин орқали кўрдик. Яна қандай иш олиб бориш кераклигини белгилаб олдик ва ўз йўналишимизда давом этамиз. Ёшлар бундай йиғинларда қатнашиб, ўзидан тажрибали ўйинчилар билан бирга иштирок этиб, маҳоратга эга бўлишади. Бундай беллашувларда улар яхшигина тажриба тўплашади. Ўйин яхши темпда бўлиб ўтди. Лекин майдонни сифати унчалик яхши эмаслиги ўйин сифатига таъсир қилди, қолган барчаси жойида. Умуман олганда, беллашувдан кўнглим тўлди. Ўйин олдидан биз берган кўрсатмалар бажарилди. 5 кун давомида қилган ҳаракатларимизни майдонда кўриб олдик. Бир кунлик хордиқдан кейин чемпионатнинг навбатдаги турида бўлиб ўтадиган “Бухоро”га қарши баҳсга тайёргарликни давом эттирамиз.

- FIFA кунларидаги танаффусдан фойдаланиб, Тожикистоннинг ушбу масканида ташкил этилаётган йиғиндан қониқяпсизми?

- Албатта, бу ер жуда яхши маскан, ҳавоси ажойиб экан. Хурсандман. Ажойиб муҳит ва шароитлар. Ҳаммаси қониқтиряпти. Эътироз йўқ. Машғулотлар жараёни режа бўйича давом этмоқда. Ўйинчиларимиз белгиланган талабларимиз бўйича яхши машғулотлар ўташмоқда. Уларга эътироз йўқ. Бизни бошқа йўлимиз йўқ. Чидаш керак, ҳаракат қилиш лозим ва олдинга интилиш муҳим. Шундай ҳаракатлар ва меҳнат эвазига йигитлар янада шаклланиб боради.

- Легионерларнинг кетишига муносабатингиз қандай?

- Бу ҳақида тўхталиб ўтсам, ҳа, улар жамоадан кетдилар. Менга клуб билан ўртасида кичик тушунмовчиликлар бўлганлигини айтишди. Миомир Журичкович ва Ислом Машуков билан гаплашдим. Шу ўринда айтишим керакки, иш бошлаганимдан бери таъкидлаб келаман, ҳеч бир ўйинчига асосий таркибда жой кафолатланмаган. Ким кучли бўлса, ўша майдонга тушади. Биз мураббийлар штаби ҳар бир ўйинчини таҳлил қилиб чиқамиз. Машғулотларда ўзини кўрсатаётганларга ишонч билдирамиз. Шахсан менга кимни майдонга тушишини фарқи йўқ. Ким кучли бўлса, ким яхши ҳаракат қилаётган бўлса, ўшанинг ўйнатамиз. Бу маҳаллий футболчимӣ ёки бошқасимӣ, ким кучлилигини кўрсатаётган бўлса, имконият берилади. Ўйинчи майдонга тушдими, учрашувдан аввал берадиган кўрсатмаларимизни тўлиқ бажариши керак. Бу менинг талабим ва шу билан бирга футболнинг ҳам қонуни.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг