Ислом Исмоилов: Сизнинг ишончингиз билан биз Осиё чемпиони бўлдик, энди сизнинг дуоларингиз билан Жаҳон чемпионатига йўл оляпмиз
Ўзбекистон U-17 жамоаси бош мураббийи ФИФА расмий саҳифасига интервью берди.
— Осиё чемпионлиги сиз ва жамоангизга қандай ишонч берди? Олдиндаги жаҳон чемпионатида асосий мақсадингиз нима?
— Осиё чемпионлиги — биз учун катта шараф, бироқ шу билан бирга катта масъулият ҳам юкланди. Бу ғалаба футболчиларимизга ишонч бағишлади ва энди биз икки баробар кўпроқ меҳнат қиляпмиз. Жаҳон чемпионатидаги асосий мақсадимиз — ўзимизни жаҳон саҳнасида синаб кўриш, ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очиш. Биз жамоавий ўйин, интизом ва ғайрат орқали юртимиз номини муносиб ҳимоя қилишни ният қилганмиз.
— 2023 йилда Ўзбекистон U-17 Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб борган эди. Ўша тажрибадан қандай сабоқлар олдингиз ва бу сафар нималарни бошқача қилмоқчисиз?
— Ўша турнирда жамоани бошқарган мураббий билан кўп гаплашдим, уларнинг ютуқ ва хатоларини таҳлил қилдик. Ҳар бир ўйиндан хулоса чиқардик. Энг катта сабоқ — босим остида тўғри қарор қабул қилиш ва ўйинни назоратда ушлаш. Шу боис тайёргарликда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратдик. Энди биз фақат куч билан эмас, балки ақл билан ҳам ўйнайдиган жамоага айландик.
— Осиё даражасидаги ўйинлар билан жаҳон даражасидаги ўйинлар орасидаги асосий фарқ нимада? Шогирдларингизни бунга қандай тайёрлаяпсиз?
— Асосий фарқ — ўйин тезлиги ва қарор қабул қилиш сифати. Европа, Африка ва Жанубий Америкадан келган рақиблар жуда юқори босим билан ўйнашади, бу эса фикрлаш учун деярли вақт қолдирмайди. Шу сабабли машғулотларда тез фикрлаш, вазиятни тўғри баҳолаш ва қарор қабул қилишни ўргандик. Ўйин услубимизни ҳам янгиладик — энди биз фақат мослашмаймиз, балки ўйинни ўзимиз назорат қилишга интиламиз.
— Жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлик қандай кечди?
— Тайёргарлик жараёни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси томонидан пухта ташкил этилди. Бир неча халқаро ўртоқлик учрашувларида турли тактикаларни синовдан ўтказдик. Рақибларимиз — Парагвай, Ирландия ва Панама ҳақида чуқур таҳлил олиб бордик, уларнинг кучли ва заиф томонларини ўргандик. Ҳар бир жамоага қарши алоҳида ўйин модели ишлаб чиқилди. Энди биз турли ҳолатларга мослаша оладиган ва ўз ўйинини ўтказа оладиган жамоамиз.
— Ёш футболчилар учун бу мусобақа катта синовдир. Уларнинг босим остида ўйнашга тайёрлиги ва жисмоний ҳолатини қандай бошқараяпсиз?
— Бу ёшда футболчилар катта босимни сезишади, лекин биз уларга бу ҳолатдан қўрқмасликни ўргатяпмиз. Ҳар куни психологик машғулотлар ва жамоавий суҳбатлар ўтказилади, шунингдек, жисмоний тайёргарликка катта эътибор берилмоқда. Тезликни ошириш ва ўйин давомида юқори темпни сақлаш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Мақсад — ҳар бир футболчи ўз салоҳиятини тўлиқ кўрсата олиши.
— Ўзбекистон мухлислари ва келажак авлод футболчиларига қандай мурожаатингиз бор?
— Сизнинг ишончингиз билан биз Осиё чемпиони бўлдик, энди сизнинг дуоларингиз билан Жаҳон чемпионатига йўл оляпмиз. Бизни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватланг, ишонишда давом этинг. Ёш футболчиларга эса шундай дейман: имконият берилса, уни қадрланг ва меҳнат билан ҳимоя қилинг. Чунки истеъдод йўлни кўрсатади, аммо мақсадга меҳнат элтади. Биз Жаҳон чемпионатига фақат ғалаба учун эмас, балки Ўзбекистон номини фахр билан ҳимоя қилиш учун кетяпмиз, — дейди Исмоилов.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Дохада U-17 Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Осиё чемпиони саналган Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси гуруҳда Парагвай (5 ноябрь), Ирландия (8 ноябрь) ва Панама (11 ноябрь) билан баҳс юритади.