locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Аҳмедов: Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қиладиган футболни олиб кирмоқчимиз

Клуб матбуот хизмати янги лавозимда иш бошлаган Ислом Ғуломовичдан дастлабки интервьюни олди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ислом Аҳмедов: Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қиладиган футболни олиб кирмоқчимиз
photo: Andijon fk

Хабарингиз бор, кеча “Андижон” жамоасига янги бош мураббий сифатида Ислом Аҳмедов тайинланди. Бунгача мураббийлар штабида ишлаб келган мутахассисда энди мустақил равишда ўзини кўрсатиш учун яхши имконият пайдо бўлди. Клуб матбуот хизмати эса янги лавозимда иш бошлаган Ислом Ғуломовичдан дастлабки интервьюни олди.

- "Андижон" клуби бош мураббийлиги сизга топширилди. Бундай тайинловга муносабатингиз қандай бўлди ва ўзингизни ҳар томонлама тайёрман деб ҳисоблайсизми?

- Ассалому алайкум. Очиғи, бу тайинлов кутилмаганди. Сабаби, мен бу ерга Самвел Вячеславовичдан иш ўрганиб, катта муҳитга мослашиш бўйича келгандим. Лекин вазият тақозоси билан шундай ўзгариш юз берди. Лекин орзу қилиб, вақти келиб, катта футболда мураббий сифатида ишлашимни билардим. Бироқ воқеалар ривожи бунчалик тез тус олишини ўйламагандим. Футбол академияси жамоасида икки йил биринчи лигада профессионал мураббийлик қилганим менга ҳозирги иш жараёнимда жуда асқотяпти.

- Жамоа 7-турдан кейин турнир жадвалида 14-поғонада бормоқда. Вазиятни ўнглаш учун эътиборни аввало нималарга қаратмоқдасиз?

- Биласизми, бошқа ҳолатда биз учун бундай имконият бўлмаслиги аниқ эди. Сабаби, ўз олдига юқори ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилган жамоада энди иш бошлаётган ёш мураббийга имконият берилиши қийин процесс ҳисобланарди. Аммо бизга бу жуда яхши тажриба ва синов бўлади. Айниқса, мураббийлик салоҳиятини оширишда бу ҳол қўл келади. Авваламбор, ҳозирда жамоамиз бираз тушкун аҳволда. Сабаби, 5 та мағлубият жуда ёқимсиз. Шу боис аввало, бундай ҳолатда ички муҳитни янада яхшилаб, кўтаранкилик олиб кириш, уларни руҳан кўтариш, ўзига бўлган ишончини қайтариш бўйича кўпроқ иш олиб бораяпмиз. Худо хоҳласа, қўлдан келганича билим ва тажрибаларимизни ишга солиб вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Футболчиларга ўзига бўлган ишончини қайтарсак албатта яхши бўлиб кетиши керак. Чунки уларнинг потенциали юқори. Мухлисларимиз қўллаб-қувватлаши билан албатта ижобий ўзгаришлар бўлади, деган умиддаман.

- Ёш мураббий сифатида бу ўзингизни кўрсатиш учун яхши имкониятдир. Шундай экан, қандай янгиликларга қўл урмоқчисиз?

- Ҳар бир мураббийнинг ўзига хос футбол фалсафаси бўлади. Олдинги ишлаган жойимда ҳам ўзимнинг футбол фалсафамга эга эдим. Бу ерда эса янада қўшимча иш ўрганиб, тажриба орттириш эди. Аввало, футболчиларга ишонч! Суперлига ўйинларини кўп кузатаман. Хоҳлайсизми-йўқми, биринчи ўринда натижа туради. Олдинги ишлаган жойимда ёшларни терма жамоаларга, катта клубларга тайёрлаш эди. Ҳозир эса энди биринчи ўринга натижа чиқади. Биз шундай йўл тутамизки, ўйинчиларимизга эркинлик бериб, қўрқмасдан ўз имкониятларидан фойдаланиб, футболдан роҳатланишларини таъминлаб берамиз. Биз уларга йўналиш берамиз ва ўзлари танлашади. Машғулотларимизни ўзгартирганмиз. Асосан тўп назоратига, тўпсиз майдонни назорат қилишга ва яна бир қатор иш жараёнлари бўйича эътиборни кучайтирганмиз. Худо хоҳласа, бошқача футбол ўйнашади. Клуб раҳбарияти бизга ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ишлаш учун барча шароитлар етарлича. Қўяётган фалсафамизни футболчилар қанча тез ўзларига сингдириб боришса шунча яхши бўлади ва бу вазиятдан тез чиқиб кетамиз.

- Мураббийлар штаби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Жисмоний тайёргарлик бўйича Бранко Чирич ишини давом эттирмоқда. Аналитик мутахассисимиз ҳам биз билан бирга. Бундан ташқари, ҳозирда Ўзбекистондаги тажрибали, ёш ва изланувчан мураббий Сергей Арслоновни ёрдамга чақиргандик ва у йўқ демасдан келди. Унга катта раҳмат айтамиз. Ўзимизни андижонлик дарвозабонлар мураббийи Бекзод Тўрғуновни ҳам таклиф қилганмиз. Штабимиз асосан шижоатли ёш мураббийлардан ташкил топган. Бу эса биз мураббийлар учун янги чақирув. Сергей Арслонов олдин бундай вазиятларда ишлагани учун уни тажрибаси бизга катта қўл келади",-деди мутахассис.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг