Илҳом Мўминжонов штабига икки мутахассис қўшилди
Аввал хабар берганимиздек, "Металлург" ПФК иккинчи даврага тайёргарликни бошлаб юбoрди.
Режага кўра, тайёргарликнинг дастлабки қисми Бекободда старт олди.
Чемпионатнинг иккинчи даврасига пухта тайёргарлик кўришни мақсад қилган жамоамиз турли йўналишларда иш олиб бормоқда.
Жумладан, Мўминжонов мураббийлар штабига клуб учун бегона бўлмаган икки нафар маҳаллий мураббийлар Ильёс Қурбонов ҳамда Зоҳид Абдуллаев қўшилди.
Ҳар икки мутахассис "Металлург" мухлислари учун яхши таниш, ўз вақтида клуб либосида майдонга тушган собиқ ҳужумчилар саналади.
Профессионал футболчилик фаолиятини якунлагандан сўнг, Ильёс Қурбонов 2015-йил Бекобод клубига қайтган ва турли лавозимларда фаолият олиб борган, бир муддат жамоа бош мураббийи сифатида ҳам ишлаган.
Бекобод футбол мактаби тарбияланувчиси Зоҳид Абдуллаев эса фаолиятининг катта қисмини "Металлург"да ўтказгани, жумладан, клуб таркибида Ўзбекистон олий лига ўйинларида энг кўп майдонга тушган ва энг кўп гол урган футболчи эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Шундай қилиб, бугача "Металлург" U-19 жамоасида иш олиб борган икки мутахассис эндиликда Илҳом Мўминжоновга бевосита ёрдам берадиган бўлди.
Ушбу ўзгаришлар жамоа учун манфаатли бўлади ва мутахассисларимиз "Металлург" муваффақиятларига ўз ҳиссаларини қўшадилар, деб ишониб қоламиз.