locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. Ўзбекистон жаҳоннинг 7-жамоасини мағлубиятга учратди

Ўзбекистон – Россия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳамюртларимизнинг ажойиб камбеки ва иродали ғалабаси билан якунланди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Футзал. Ўзбекистон жаҳоннинг 7-жамоасини мағлубиятга учратди
photo: UFF

Футзал ишқибозлари катта қизиқиш билан кутган Ўзбекистон – Россия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳамюртларимизнинг ажойиб камбеки ва иродали ғалабаси билан якунланди. Биринчи таймдан сўнг 0:2 ҳисобида ортда қолаётган йигитларимиз иккинчи таймда характер кўрсатиб, рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол киритишди.

Учрашув тенг курашлар остида бошланди. Дастлабки ўн дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси икки бор гол уриш имкониятини яратди, аммо ундан фойдалана олмади. Россия терма жамоасининг эса илк хавфли ҳужуми гол билан якунланди — Антон Соколов ҳисобни очди. Бу гол футболчиларимиз руҳиятига маълум даражада таъсир қилди. 14-дақиқада эса жарима майдони ичида Григорий Валейев эътибордан четда қолди ва ҳисоб 0:2 кўринишига келди.

Иккинчи таймнинг илк сониялариданоқ танаффус пайтида мураббийлар штаби футболчилар билан тўғри ишлагани яққол сезилди. Ташаббусни тўлиқ қўлга олган Ўзбекистон терма жамоаси меҳмонларни ўз жарима майдонига қамаб қўйди. Узоқ вақт гол ура олмаслик ҳам йигитларимизнинг иштиёқини сўндирмади. Аксинча, улар янада катта ғайрат билан ғалаба йўлини қидиришда давом этишди.

33-дақиқада Музаффар Аҳаджонов индивидуал маҳорати эвазига биринчи жавоб голини урди — 1:2. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Шаҳрам Фахриддинов қанотдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлади ва ҳисоб тенглашди — 2:2. Учрашувнинг сўнгги сонияларида эса Акбар Усмонов Россия жамоасининг “сунъий кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтиш” тактикасига жазо бериб, ғалаба голини киритди — 3:2!

Бу Ўзбекистон терма жамоасининг қисқа вақт ичида жаҳоннинг ТОП-10 талигидаги иккинчи рақиб устидан қўлга киритган ғалабаси бўлди. Ёдингизда бўлса, Ислом Бирдамлиги ўйинлари арафасида Тошкентда Қозоғистон терма жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этилган эди. Энди эса Россия терма жамоаси Бухорода мағлубиятни тан олди.

Бош мураббий Нодир Элибоев ва унинг жамоаси Осиё кубоги–2026 мусобақасига тайёргарликни тўғри йўналишда олиб бораётганини яна бир бор исботлади. Бироқ бу билан чекланиб қолмаслик керак. Изланиш ва меҳнатни давом эттириш зарур. Шундагина қитъа чемпионатида ҳам қўйилган мақсадларга эришиш мумкин бўлади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг