Футзал. Муддатидан олдин мамлакат чемпионини аниқлаб берган тур
Қашқадарё вилоятида ўтказилган Ўзбекистон миллий чемпионати – Олий лиганинг 11-тур баҳслари муддатидан олдин мамлакат чемпиони номини аниқлаб берди. Бунга амалдаги чемпион – BMB жамоасининг юз фоизлик натижаси ҳамда унинг энг таъқибчилари – “Oil Star” ҳамда СQB жамоаларини очко йўқотиши бўлди.
Банкчилар айнан Бухоро вилояти жамоасига қарши биринчи ўйин куниёқ мағлубият аламини татиб кўрган бўлса, “Oil Star” мусобақа мезбонлари – Қаршининг “Насаф” жамоаси қаршилигини енгa олмай, чемпионлик пойгачини тўхтатди. Бухороликларнинг муваффақиятсизлиги бу билан тўхтаб қолмади. Баҳсларнинг охирги куни “Oil Star” Самарқанднинг “Динамо” жамоаси билан баҳсда ҳам очко йўқотиб, вице-чемпионлик масаласини ҳам охирги турга қолдирди. “Oil Star” 12-турда BMB, ОКМК, “Локомотив” жамоаларига қарши қийин учрашувлар кутиб турганлигини инобатга оладиган бўлсак, кумуш медалларни қўлга киритиш имконияти банкчиларда юқоридек кўринмоқда. Бунинг устига СQBнинг рақиблари бир мунча кучсизроқ – “Нефтчи”, “Қизилқум”. “Сурхон” билан ўйинда эса техник ғалаба – уч очко нақд. Шу маънода чемпионат дебютанти сўнгги турни юз фоизлик натижа билан якунлаши деярли аниқ. Фақат очколар тенг бўлиб қолганда устунлик “Oil Star” томонида. Бухороликлар СQBни икки учрашувда мағлубиятга учратган, яна бир баҳсда эса дуранг ўйнаган. Шундай экан, сўнгги 12-турда вице-чемпионлик учун кураш “ёнади”. Ўтган йилги мавсумнинг вице-чемпиони охирги турда камида 6 очко тўпласа, унвонини сақлаб қолади. Акс ҳолда, бу шарафли номни банкчиларга топширади...
Лигани “Сурхон” тарк этади. Олий лигадагимавқеини сақлаб қолиш учун ўтиш учрашувида биринчи лиганинг кумуш медаллари совриндори – “Хоразм”га қарши майдонга тушадиган жамоа эса ўтган йилгидек “Қизилқум” бўлади. Навоийликлар бир йил муқаддам “Пахтакор”ни кучлилар сафидан чиқариб юборган эди. Кўрамиз, бу гал ҳам улар элитада қолиш вазифасини уддалай олишармикан?
11-турдаги эсда қоларли воқеликлардан бири – 2025/2026-йилги мавсумнинг 1000-голининг киритилиши бўлди. Бу юбилей гол «Максам-Чирчиқ» - «Динамо» учрашувининг 12-дақиқасида Тошкент вилояти жамоаси ҳужумчиси Сарварбек Нурқулов томонидан амалга оширилди.