Футзал. 10-март куни старт оладиган 9-турда 900-голни кўрамизми?
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати — Олий лига жамоаларининг навбатдаги 9-тур учрашувларига Жиззах вилояти футбол академияси спорт зали мезбонлик қилади. Мазкур тур баҳслари 10-март санасидан бошланиб, 13-март куни поёнига етади.
Аввалги икки даврада фарқли ўлароқ учинчи – якунловчи даврада тақвим тескари пропорция кўринишида ташкиллаштирилади. Яъни 9-тур қисқа – 12 та учрашувдан иборат бўлади. Охирги учта турда эса жамоалар 18 тадан ўйин ўтказишади. Энг сўнгги – 12-тур ҳамда чемпионат ғолиб ҳамда совриндорларини тақдирлаш маросими пойтахтимизда – май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Андижонда бўлиб ўтган 8-турда мухлислар мавсумнинг 800-голига гувоҳ бўлишган эди. Бу юбилей гули СҚБ – “Насаф” учрашувида банкилар ҳужумчиси Дилмурод Шавкатов томонидан киритилган эди. Навбатдаги довон – 900-гол. Биз Жиззахда бўладиган турда яна юбилей голи гувоҳи бўламизми?
Анча қийин масала. 8-турдан кейинги якунлий кўрсаткич – 825 та голни ташкил этмоқда. Демак, юбилей голига етиб олиш учун жамоалар ғайрат қилишлари ва 75 та гол киритишлари керак. Аммо 10 та ўйинда бунга эришиш мушкул. Чунки, сўнгги турларда биз сермахсуллик эмас, аксинча мустаҳкам ҳимоя қўрғонига эга учрашувларни кўпроқ кузатяпмиз. Шу маънода, 900-гол масаласи 10-турга қолиши эҳтимоли катта.
Шу ўринда XXIX миллий чемпионатимизнинг барча юбилей голларини ёдга олсак.
Юбилей голлар кимларга насиб қилган?
🔹 100-гол — Алайор Садиров
(“Динамо” — “Қизилқум”, 30-дақиқа)
🔹 200-гол — Ҳенрике Суарес Гимараэш
(ОКМК — “Қизилқум”, 17-дақиқа)
🔹 300-гол — Эрнест Саипидинов
(“Насаф” — BMB, 15-дақиқа)
🔹 400-гол — Шомансур Шобаҳрамов
(“Қизилқум” — “Сурхон”, 26-дақиқа)
🔹 500-гол — Пахаро Симанкис Хосе Григорио
(СҚБ → “Қизилқум” дарвозаси, 15-дақиқа)
🔹 600-гол — Фазлиддин Ботиров
(ОКМК — “Сурхон”, 25-дақиқа)
🔹 700-гол — Фернандо Родригес де Соуза
(“Қизилқум” — “Бунёдкор”, 18-дақиқа)
🔹 800-гол — Дилмурод Шавкатов
(СҚБ — “Насаф”, 32-дақиқа)