Футбол. Ғузорда футбол мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди
Қашқадарё вилояти футбол ассоциацияси томонидан ҳудудлардаги футбол майдонларининг янги мавсумга шайлик ҳолатини ўрганиш ишлари Ғузор туманида амалга оширилди. Ўрганиш давомида асосий эътибор майдонларнинг майса қоплами, кийиниш ва ечиниш хоналари ҳолати ҳамда мухлислар учун яратилган шароитларга қаратилди.
Ғузор туманидаги футбол инфратузилмаси ўрганилганда, мавсумга тайёргарлик ишлари намунави даражада ташкил этилгани қайд этилди. Кўп йиллик профессионал тажрибага эга “Шўртан” футбол клуби базаси ва туман марказий стадиони талаб даражасида сақланган. Майсанинг ҳолати ҳамда ёрдамчи хоналар янги мавсум ўйинларини қабул қилишга тўлиқ тайёр экани таъкидланди.
Ўрганиш якунида вилоят Давлат хавфсизлик хизмати вакили Насим Жўраев, вилоят футбол ассоциацияси раҳбари Шуҳрат Эгамбердиев, туман ҳокими Бекзод Суёнов, туман прокурори Рустам Сайфиев ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими бошлиғи Отабек Шодмонов иштирокида соҳа вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда туманда футболни янада ривожлантириш, ёш авлод учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни спортга кенг жалб этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.