FIFA стандартдаги янги майдонлар — академия футболчилари учун муносиб туҳфа!
Бугунги кунда футбол миллионлар эмас, балки миллиардлар ўйинига айланиб улгурди. Давлат раҳбари томонидан юртимизда футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз дунё яшил майдонларида ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда қатнашиб, Ўзбекистон номини жаҳонга танитмоқда. Хусусан, мамлакатимиз миллий терма жамоаси ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритиб, тарих яратди. Натижада дунёнинг топ-клублари юртимиз футболчиларига жиддий эътибор қарата бошлашди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан ҳам футболни, айниқса, болалар футболини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. ОКМК ФК академияси тарбияланувчилари учун йилдан-йилга барча шароитлар яратиб келинмоқда. Бугунги кунда академия ихтиёрида 3 та стандарт (1 та сунъий қопламали, 2 та табиий чимли) ва 2 та кичик ўлчамли (сунъий қопламали) майдон бор. Энди уларнинг сони яна 3 та стандарт майдонга ошади.
ОКМК ФК бош директори Баҳодир Мирзаевнинг маълум қилишича, айни кунларда «Металлург» стадионида кенг қамровли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Халқ тилида «эски стадион» деб номланувчи мажмуа ўрнида FIFA стандартларига мос, ўлчами 105x68 метр бўлган 2 та табиий чимли ҳамда 1 та сунъий қопламали замонавий майдон қад ростлайди.
Мазкур майдонларнинг икки томонида ота-оналар учун 400 ўринли кичик трибуна қурилади. Бундан ташқари, майдоннинг юқори қисмида ота-оналар фарзандларининг машғулотларини бевосита кузатиб туришлари учун алоҳида майдончa барпо этилади. Ҳудудда болажонларнинг кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари ҳам бунёд этилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда пудратчи қурилиш ташкилоти томонидан майдонларга чим ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан аввал эса чим остига 1 метрга яқин махсус қопламалар ўрнатилиб, замонавий дренаж ва суғориш тизимлари жойлаштирилди. Ушбу тизимлар синовдан ўтказилиб, фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди. Майдондаги 20 метр баландликдаги мачталарга замонавий ёритиш тизимлари ҳам ўрнатилади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган бўлиб, яқин ойларда якунланиши режалаштирилган.
ОКМК раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибор натижасида ОКМК ФК академиясининг турли ёш тоифасидаги жамоалари кўплаб мусобақаларда ғалабаларни қўлга киритмоқда. ОКМК футбол академиясининг болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш дастури раҳбари Денис Хомутов ҳамда академиянинг техник директори Шерзод Райимжанов бошчилигидаги жамоалар 2026-йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор муваффақиятларга эришишди. Жумладан, академиянинг U-13, U-14, U-15 ва U-16 жамоалари Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) футбол академиялари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида совринли ўринларни эгаллашди.
Янги барпо этилаётган футбол майдонлари академия тарбияланувчиларининг келгусида янгидан-янги марраларни забт этишларида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.