locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Фабио Каннаваро: Миллий чемпионатдаги ўйин тезлиги жаҳон чемпионати даражасидан анча фарқ қилади. Бу фарқни қисқартиришимиз керак.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи The Guardian нашрига интервью берди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Фабио Каннаваро: Миллий чемпионатдаги ўйин тезлиги жаҳон чемпионати даражасидан анча фарқ қилади. Бу фарқни қисқартиришимиз керак.
photo: UFA

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро "The Guardian" нашрига интервью берди. Унда мураббий миллий жамоа билан ишлаш ва Тошкентдаги ҳаёт ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон терма жамоасига таклиф ҳақида

Мен Италияда қолишни хоҳлаган эдим, аммо кейин Ўзбекистон терма жамоаси ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Осиёда бошқа терма жамоалардан ҳам таклифлар бор эди, лекин мен уларни ҳатто кўриб ҳам чиқмадим. Ўзбекистоннинг жуда ёш ва истеъдодли жамоаси бор.

Федерация бутун мамлакат бўйлаб академиялар ишига катта эътибор қаратган ва улар яхши футболчилар тайёрлаяпти. U17, U19 ва U23 жамоалари деярли доим Осиёда ғолиб бўлишади — бу мен учун муҳим эди.

Ўзбекистондаги иш услублари ҳақида

Ўзбекистон томони бир ой давомида (Каннаваро 2025 йил 5 октябрда тайинланган) биз мураббийлар штаби кунига Суперлигининг 1–2 та ўйинини томоша қилганимиздан жуда ҳайратланди — улар бунга ўрганмаган. Одатда мураббийлар бир неча ўйинни кўриб, кетиб қолишарди. Биз эса 40 кун қолдик, кўп сафар қилдик, лойиҳадан чуқур киришни истадик.

Ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Миллий чемпионатдаги ўйин тезлиги жаҳон чемпионати даражасидан анча фарқ қилади. Бу фарқни қисқартиришимиз керак. Миллий чемпионат футболчилари учун махсус йиғинлар ўтказамиз. Уларга фақат ўйинларда эмас, машғулотларда ҳам эътибор қиламиз.

Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлар

Биз Тошкентда яшаймиз. У — тарихий қисми ва янги ҳудудлари бор, ўсиб бораётган халқаро шаҳар. Одамлари яхши ва жуда меҳмондўст. Биз жуда тез мослашдик. Самарқандга ҳам бордик — жуда гўзал жой.

Албатта, ҳар ерда бўлгани каби, яхши жиҳатлар ҳам, унчалик эмас жойлари ҳам бор. Эн катта муаммо — ҳаво ифлосланиши. У жуда юқори. Лекин иш шароитларидан мамнунмиз, федерация бизга янги спорт марказини тақдим этди.

Жаҳон чемпионатидаги вазифалар ҳақида

ЖЧ-2026 да асосий мақсадимиз — тажриба тўплаш. Шунингдек, ярим йил ўтгач, Осиё Кубоги бўлади. У ерда қанчалик юришга қодир эканимизни тушуниб оламиз. Мен аввалги мураббийларнинг меҳнатини инкор қилмоқчи эмасман — чунки айнан улар жамоани ЖЧга олиб чиқишди.

Мен эса улар эришган натижаларни янада яхшилашга ҳаракат қиламан, футболга бироз Европа маданиятини киритган ҳолда.

Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида

Бизда кўплаб яхши ёш футболчилар бор. Жамоамизнинг ўртача ёши ҳам ёш бўлади. Улар жисмоний жиҳатдан янада кучайиши керак, чунки европаликларга қарши ўйнаш осон бўлмайди. Лекин ўзбеклар — бақувват болалар, улар курашади ва ҳеч қачон таслим бўлишмайди. Уларга қарши ўйнаш — бош оғриғи.

Бизнинг Уругвайга қарши ўйинда тўққиз нафар футболчимиз турли жароҳатлар билан, яхши ҳолатда бўлмаганига қарамай майдонга тушди. Лекин йигитларимиз жуда бақувват эди ва биз атиги 1:2 ҳисобида ютқаздик.

Жамоа билан мулоқот тили ҳақида

Асосан инглиз тилида мулоқот қиламиз. Улар мени тушунишади. Таржимоним ҳам бор — замонавий футболда бу муҳим. Ўзбек тилини ўрганаманми? Қийин. Аввал мен ўзимнинг инглиз тилимни яхшилашим керак.

Миллий чемпионат даражаси ҳақида

У ривожланишга муҳтож. Инвестиция кўп эмас, инфратузилма яхшироқ бўлиши мумкин. Бу — кўп жиҳатларда ўсиши керак бўлган лига. Ўзбекистон жаҳон чемпионатида сенсация бўлиши мумкинми? Умид қиламан. Лекин бу меҳнат, қурбонлик, билим ва ўзига ишонч орқали бўлади. Сенсациялар ўз-ўзидан юз бермайди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг