locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Элдор Адҳамов: «Кейинги босқичда кучлироқ жамоа тушишини хоҳлардим»

Учрашувдан кейин дарвозабон бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Элдор Адҳамов: «Кейинги босқичда кучлироқ жамоа тушишини хоҳлардим»
Фото: Андижон ПФК

Ўзбекистон Кубоги 1\8 финали доирасида «Андижон» про лига аъзоси – «Олимпик Мобиуз» жамоасини қабул қилди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. Экстра-таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Пенальтилар сериясида эса майдон эгалари 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга чиқди.

Пенальтилар сериясида рақибнинг охирги зарбасини қайтарган дарвозабон Элдор Адҳамов табиийки, учрашув қаҳрамонига айланди. Учрашувдан кейин дарвозабон бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай бўлди?

- Қийин бўлишини билардик. Чунки бундай жамоаларга қарши аввало «настрой» қилишнинг ўзи қийин. Боз устига, «Олимпик Мобиуз» ёшлардан ташкил топган, яхши лойиҳа. Терма жамоаларга номзодларни етказиб беради. У ердаги барча йигитлар иқтидорли. Қарши ҳужум хавфли бўлишини билардик. Аммо биринчи бўлимда умуман муаммо бўлмади. Иккита гол урганимиздан кейин, менимча, ғалаба қозондик, деб ўйлаб, бироз бўшашдик. Эрта хотиржамликка берилганимиз эвазига иккита гол ўтказиб юбордик. Аммо ўзимизни тез қўлга олиб, яна ҳужум қилишни бошладик. Сўнгги дақиқагача рақибни хавф остида ушлаб турдик. Аммо омадимиз келмади. Ғалаба барибир пенальтилар сериясида ҳал бўлди ва юзимиз ёруғ бўлди.

- Якунда ўйин қаҳрамонига айландингиз. Пенальтилар сериясидаги охирги зарбада жамоани қутқардингиз. Ўша ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Ўшанда рақиб футболчисининг кўзига қараётганимда, бироз ҳаяжонланаётганини сездим ва бурчакка тепа олмайди, деб ўйладим. Бундай ҳолатда кўпчилик таваккал қилишга қўрқади. Қаерга тепишини ўйладим. Ҳатто охирги лаҳзада ҳам тўп дарвозага кириб кетяпти, деб ўйладим. Худога шукр, реакция кўрсатиб, оёғим билан қайтардим.

- Пенальтилар сериясида аксарият зарбаларнинг йўналишини топгандингиз. Қолаверса, зарба беришдан олдин рақиб футболчиларига ҳам нимадир дедингиз...

- Бу менинг шахсий сирим. Нимадир дейиш кўп нарсани ҳал қилмайди. Ҳаммаси Худодан. Бу шунчаки футболчиларни чалғитиш учун ишлатиладиган оддий нарса. Кўпинча футболчилар мувозанатини йўқотишига сабаб бўлиб, иш бериб қолади. Зарба бераётган охирги футболчи ҳаяжонланиб қолди.

- Жамоа 2:0 ҳисобида олдинда эди, кейин ҳисоб тенглашди. Экстра-таймлар ва пенальтилар серияси. Ўйиндан олдин бундай режа умуман бўлмаган бўлса керак...

- Йўқ, ҳатто уйга қайтиш учун самолётга билет ҳам олиб қўйгандим, чунки осонлик билан ютамиз, деб ўйлагандик. Ҳаммаси куйиб кетди. Лекин бу яна бир бор биз учун дарс бўлди. Аслида рақибга енгил қарамагандик. Фақат 2:0 дан кейин бироз бўшашдик.

- «Андижон» чорак финалга чиқди. Қайси рақибни кутяпсиз?

- Кучлироқ рақиб бўлса, янада яхши бўларди. Чунки бугунгидек рақибларга қарши «настрой» қилиш қийинроқ.

- 20 сентябрь куни «Насаф»га қарши ўтадиган ўйин олдидан нима деган бўлардингиз?

- Бир кун дам оламиз. Бу умуман бошқача ўйин бўлади. Уларда маҳоратли футболчилар бор. Бундай пайтда хоҳлайсизми-йўқми, азарт кучли уйғонади. Худо хоҳласа, ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қиламиз.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг