locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Баҳром Ҳайдаров: Пеналти сериясини ўтказиш футболчиларга ҳам, мураббийга ҳам қийин. Кимнидир бориб теп деб мажбурлай олмайсиз

Ўйиндан сўнг мезбонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Баҳром Ҳаёдоров: «Бугунги ғалабадан кейин елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди»
photo: Qo'qon-1912

Суперлига плей-офф босқичидан ўрин олган "Қўқон-1912" — "Хоразм" учрашуви 1:1 ҳисобида якун топди ва пеналти сериясида "Қўқон-1912"нинг қўли баланд келди (5:4). Ўйиндан сўнг мезбонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бир ўйиндан иборат плей-офф учрашувлари жуда асабий кечади. Бугун ҳам шундай баҳс гувоҳи бўлдик. Ҳар икки жамоада ютқазиб қўймаслик босими бор эди. Тенг кураш кечди деб ўйлайман. Худди финалдек учрашувни ўтказдик ва агар баҳс охирида тўп киритганимизда иш пеналти сериясигача етиб бормасди. Бугун жуда кўп куч йўқотдик.

Агар бутун мавсум ҳақида гапирадиган бўлсам, клубимиз раҳбарияти томонидан олдимизга қўйилган вазифани бажардик. Муҳими, жамоани Суперлигада қолдирдик. Бу билан ҳаммани табриклайман. Қийин мавсумни ўтказдик, ҳатто 9 та ўйиндан иборат ғалабасиз серия ҳам кузатилди. Лекин якунда оғир ҳолатдан чиқиб кета олдик, бу эса жамоамиз шаклланиб бораётганини кўрсатади. Бош мураббий сифатида менда ҳам босим юқори эди, бугунги ғалабадан кейин елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

- Бугун ёш футболчи Мухриддин Пазлидинов захирадaн майдонга тушди ва ўйиндан кейин пеналти сериясида иштирок этди. Ёш бўлишига қарамай, 11 метрлик нуқтага яқинлашгани таъсирли бўлди.
- Пеналти сериясини ўтказиш футболчиларга ҳам, мураббийга ҳам қийин. Кимнидир бориб теп деб мажбурлай олмайсиз. Шу боис, ўзига ишонган футболчилар нуқтага боради. Энги муҳими, футболчи тўпни тепишдан қўрқмаслиги керак, чунки гол ура олмаса ҳам ҳаёт шу билан тўхтаб қолмайди. Бугун бир ўйинчимизга тепасан деб айтганимда қўрқяпман деди. Энди пеналти ҳам ўйиннинг бир қисми. Ўйин пайтида тепиш бошқа, ўйиндан кейин тепиш бошқа. Тезроқ якуний қарор қабул қилиш керак бўлади. Бугун ёш бўлишига қарамай, Ҳайдаров ҳам, Пазлидинов ҳам ишонч билан борди ва мўлжалдан адашишмади. Бу эса ҳаммамизни хурсанд қилди.

- Шоҳруҳ Гадоевни эртароқ майдонга туширса бўлмасмиди?

- Мен шундоқ ҳам уни анча эртага майдонга туширдик деб ўйладим. Чунки Шоҳруҳ бу ўйинга тўлиқ тайёр эмасди. Мавсум ўртасида жароҳат олиб, 10 кун даволаниб кейин майдонга тушиш билан мавсум охирида жароҳатдан тузалиб қайтишнинг фарқи бор. Кўпчилик Шоҳруҳни ва умуман ҳамма футболчиларни тўп унда эканлигида кўради, лекин тўпсиз ҳаракатни кузатмайди. Тўпсиз ўйнаганимизда Гадоевнинг кучи етайотгани йўқ. Мана энди мавсум тугади ва янги мавсумгача Шоҳруҳ жисмоний томондан ўз устида ишласа янада кучли бўлиб қайтади.

- Клуб олдига келаси мавсум жиддий вазифа қўйилганидан хабарамиз бор. Ҳозирги мураббийлар штаби бу вазифани бажаришга мосми ёки бошқа мураббийлар келадими?

- Ҳаммасини клуб раҳбарияти ҳал қилади. Мен бу саволга жавоб бера олмайман. Агар сиз биз каби мураббийларни маъқул кўрмасангиз, билмадим, ишламай қўяверган бўламиз. Вазифани бажаришга келадиган мураббий ҳам барибир бизга ўхшаб ишлайди. Мана статистикага қаранг, иккинчи даврадаги натижаларимиз бўйича бешинчи ўринни олдик. Жамоамиз учун бу ёмон кўрсаткич эмас. Вазифани бажариш учун албатта номдор мураббий ёки фамилияси чет эллик бўлиши шарт эмас. Айтиб ўтганимдек, ҳаммаси раҳбарият қарорига боғлиқ. Агар ҳозирги штабга ишонч билдирилса, келаси йилга жамоани тайёрлаймиз.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг