Баҳром Ҳайдаров: Чиройли ўйин гувоҳига айландик, дуранг адолатли натижа
Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" — "Бунёдкор" (2:2) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бунёдкор" Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бири. Қанчалик кўп гапирсак ҳам, хоҳлаймизми-йўқми, йигитларда ўйин бошида ҳайжон кузатилди. Кейин ўзларига келиб олишди.
Умуман олганда, адолатли дуранг бўлди, деб айта оламан. Чиройли ўйин гувоҳига айландик. Икки жамоа ҳам ютмоқчи бўлди, дурангни ушлаб қолишга ўйнашмади. 2:1 дан сўнг яна ҳайжон бўлдими, билмадим. Ҳозир уларга ҳам айтдим, 2:1ни 3:1 қилиш мумкин, 4:1га айлантирса бўлади. Яна олдинга қараб ўйнаш керак. Биз ўзимиз имконият бериб қўйдик. Жамоада ўз-ўзига ишонч ортмоқда. 3 очко олсак яхши бўларди, турнир жадвали шуни тақозо қилмоқда. Лекин 2 та ўйиндан бери ғалабага эриша олмадик
- Майдон марказидаги ўйин ҳақида...
- Аввалги учрашувларни кўриб чиқиб айтгандик, улар 3 та ярим ҳимоячи билан ўйнади. Бизда биоз бошқачароқ. Футболчиларга тўп рақибда бўлганда бир-бирига яқинроқ ўйнашни таъкидлагандик. Озгина масофалар кенгайиб кетди. Шунинг ҳисобига марказни бериб қўйдик. Иқбол Маликжоновни туширдик, марказдаги ўйинни ўз томонимизга оғдиришга уриндик. Эртага яна таҳлил қилиб чиқамиз. Иккинчи бўлимда Маликжонов тушмагунича бу яққол кўзга ташланиб турганди...
- Тоштемировнинг қизил карточкаси ҳақида...
- Иккинчи сариқ бўлди. Майдон марказида тактик фол дейишади. Ўйинчи ўтиб кетса, гол уриши мумкин эди. Ўйинчингиз қизил олиши яхши эмас. Бунга эътироз йўқ, мажбур эди.
- Темурхўжа Абдухолиқов борасида ҳимоячиларга айтилганмиди?
- Темурхўжани асосий таркибда майдонга чиқади, деб ўйлагандик. Ялғиз ўзи олдинда ўйнади. Ҳимоячиларга ҳам бу ҳақида айтилган. Яримта вазиятдан гол урадиган ҳужумчи. Чарчоқда эътибор йўқолди. Бўйдор ҳимоячилар позицияда ютқазиб қўйди. Маҳорати кучли экан, жамоасини олиб чиқиб кетди.