\"Aston Villa\" Николас Жексон трансфери бўйича \"Челси\" билан музокараларни бошлади
Англиянинг "Aston Villa" клуби "Челси" ҳужумчиси Николас Жексонни трансфер қилиш бўйича Лондон клуби билан музокараларни бошлади. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар берди.
Манбага кўра, Бирмингем клуби ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида 25 ёшли сенегаллик футболчини асосий номзодлардан бири сифатида кўрмоқда. Жексон аввалроқ "Aston Villa" бош мураббийи Унаи Эмери қўл остида Испаниянинг "Вильярреал" клубида ҳам тўп сурган.
Ҳозирча томонлар ўртасида якуний келишувга эришилгани йўқ. "Челси" футболчини сотишга тайёр бўлса-да, клуб юқори трансфер суммасини талаб қилмоқда. Шу сабаб музокаралар давом этмоқда ва келишувнинг молиявий тафсилотлари муҳокама қилинмоқда.
Қайд этилишича, "Aston Villa" ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини сезиларли даражада кучайтиришни режалаштирган ва Николас Жексон ушбу режаларнинг муҳим қисми ҳисобланмоқда.