Англиянинг уч клуби «Аякс» иқтидорига қизиқиш билдирмоқда
«Аякс» марказий ҳимоячиси Аарон Бувман фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. 19 ёшли нидерландиялик футболчининг ривожланишини бир вақтнинг ўзида учта инглиз клуби кузатиб бормоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Бувманга «Эвертон», «Ньюкасл» ва «Брайтон» клублари қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирча томонлардан бирортаси расмий таклиф юбормади, бироқ ҳимоячининг ўйинлари Англия клублари скаутлари томонидан кузатилаётгани айтилмоқда.
Бувман «Аякс» академияси тарбияланувчиси бўлиб, жорий мавсумда асосий жамоада ўзини кўрсатишга улгурган. Ёш ҳимоячи марказий ҳимояда ҳаракат қилади ва Амстердам клуби билан 2030 йил ёзигача амал қиладиган шартномага эга. «Ньюкасл»нинг унга қизиқиши ҳақида Нидерландия ОАВида ҳам алоҳида хабарлар тарқалган.
Маълумот учун, Аарон Бувман 2026/27 йилги Эредивизи мавсумида 4 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та сариқ карточка олган. Euro-Football маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 8 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.