Александр Хомяков: “Афсуски, бугун характер ҳам хоҳиш ҳам йўқ эди”
“Лочин” – “Андижон” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида “бургулар” бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Лочин” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Улар ҳаракат қилишди, улар чидашди ва ўз мақсадига эришишди. Кейинги ўйинларда жамоага омад тилайман.
- “Андижон”га нима бўлди? Жамоа амалдаги Кубок эгаси эди. Аммо бу сафар гуруҳдан ҳам чиқа олмади.
- Нима ҳам дейман? Биз учун ўйинлар жуда қийин кечяпти, айниқса кубок учрашувларида. Омад биз томонда бўлмади. Кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Футбол шундай ўйинки, маҳоратдан ташқари хоҳиш ҳам жуда катта муҳим роль ўйнайди. Бирор фикр билдиришим қийин. Рақиб охирги вазиятда бор кучи билан ҳаракат қилди ва ғалабани илиб кетди. Юқорида айтганимдек, футболда хоҳиш юқори бўлса, ғалаба қозониш мумкин бўлади.
- “Андижон” олдига мавсум бошида учта асосий вазифа белгиланганди. Биринчиси, Кубок финалига чиқиш, иккинчиси чемпионатда совриндорлар қаторида жой олиш ва учинчиси ОЧЛда гуруҳ босқичидан чиқиш. Лекин кўриб турибмизки, Кубокдан чиқиб кетди. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Албатта, бу ерда муаммоларни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз. Ҳимоядаги ва ҳужумдаги камчиликларни ўрганиб чиқамиз. Албатта, чемпионатдаги ўйинларимизни яхшилаймиз. Халқаро учрашувлар учун тажрибамизни оширган ҳолда майдонга чиқамиз.
- “Лочин” сафида сизга маъқул бўлган футболчи ким?
- Йўқ, мен асосан ўз жамоамнинг ўйинчиларига бор эътиборимни қаратдим. Мени ёрдамчи мураббийларим бор. Улар ким қандай ҳаракат қилаётганини кузатиб боришади. “Лочин” сафида илгари “Машъал”да мен билан бирга ишлаган 4 нафар футболчи борлигини биламан. Футболда маҳорат бўлгани билан ким характер кўрсатса ва хоҳиши юқори бўлса ўша ғалаба қозонади. Афсуски, бугун бизда ўша нарса бўлмади.