Ал Ҳилол — Насафнинг ОФК Элит чемпионлар лигаси 2-туридаги рақиби ҳақида
29-сентябр куни Насаф клуби ОФК Элит чемпионлар лигаси 2-тури доирасида Саудия Арабистонининг Ал-Ҳилол жамоасини қабул қилади.
Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталамиз.
Ал-Ҳилол жамоаси 68 йиллик тарихга эга. Клуб 1957-йилнинг 16-октябрь санаcида ташкил этилган.
Жамоага мухлислар томонидан Ал-Заеем (бошлиқлар), Blue Whales (кўк китлар) ва Blue Power (кўк қудрат) каби номлар берилган. Шунингдек, Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) 2009-йил Ал-Ҳилолни Осиёнинг XX асрдаги энг кучли клуби, деб эътироф этган.
Ал-Ҳилол ўз уй учрашувларини Ар-Риёд шаҳрида жойлашган Kingdom Arenaда ўтказмоқда. Ушбу майдон ўз бағрига 26 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
Жамоа Саудия Арабистони Профессионал лигасининг 19 карра чемпиони, 11 карра Қирол кубоги соҳиби ва яна 4 карра Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг ғолиби саналади.
Жамоа шу вақтга қадар Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий мусобақаларда 243 та ўйин ўтказган. 137 та ўйинда ғалаба қозонган, 49 та ўйин риёдликларнинг мағлубияти билан якунланган. 57 та баҳсда дуранг натижа қайд этилган.
Жамоани айни пайтда 49 ёшли италиялик мутахассис Симоне Инзаги бошқармоқда. Ушбу мутахассис Италиянинг Лацио ва Интер жамоаларидаги фаолияти билан кўпчиликка яхши таниш. Унинг бошқарувида Интер клуби Италия А серияси ва кубогида ғолибликни қўлга киритди. УЕФА чемпионлар лигаси мусобақасида 2 марта финалгача етиб боришни уддалади. Инзаги 2025-йилнинг 4-июн санаcидан бери Рияд шаҳри клубига устозлик қилиб келмоқда.
Ал-Ҳилол жамоаси таркибида айни вақтда Севилья клуби собиқ посбони Яссин Буну, Челси клуби собиқ ҳимоячиси Калиду Кулибали, Милан жамоаси собиқ аъзоси Тео Эрнандес, Манчестер Сити собиқ вакили Жоау Канселу ва Ливерпуль жамоаси собиқ ҳужумчиси Дарвин Нуньес каби футболчилар тўп сурмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит чемпионлар лигаси 2-туридан ўрин олган Насаф - Ал-Ҳилол баҳси 29-сентябр куни бўлиб ўтади. Ўйин 18:45 да старт олиши кўзда тутилган.