locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Акмал Шорахмедов: Иккинчи таймдаги ўйин менга ёқди

“Андижон” - “Аркадаг” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Акмал Шорахмедов фикр билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Акмал Шорахмедов: Иккинчи таймдаги ўйин менга ёқди
photo: Andijon fk

“Андижон” - “Аркадаг” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжумани иккинчи қисмида бургутнинг вақтинчалик бош мураббийи Акмал Шорахмедов ва ўйиннинг энг яхши футболчиси Бектемир Абдуманонов саволларга жавоб қайтардилар.

Акмал Шорахмедов: - Ютишни жуда хоҳлаган эдик. Футболчилар ҳам буну қатъий исташган эди. Шунинг учун ҳаракат қилдик. Қисқа вақт бўлса ҳам тайёрландик. “Ал-Аҳли” ва бошқалар ҳам бу жамоа билан ўйинларда қийналишяпти. Ҳимояда жуда зич ўйнашади. Ёриб ўтиш қийин. Лекин мен ўйиндан қониқдим. Ечиниш хонасида ҳам айтдим. Айниқса, менга иккинчи таймдаги ўйин ёқди. Деярли Туркманистон терма жамоаси билан ўйнаб, охирида рақиб ётиб олиб ва тўпни тепиб юбориш ҳолатларини кўриш мен учун ёқимли бўлди. Йигитларга раҳмат.

- Жамоага нимаси етишмади, деб ўйлайсиз?

Бектемир Абдуманонов: - Жамоамиз билан ғалаба учун чиққандик. Охирида бироз омадимиз етишмади, деб ўйлайман. Ҳамма ҳаракат қилди. Ўйингача бўлган жараёнлар ҳам яхши бўлди. Ҳали имкониятимиз бор. Кейинги учрашувда ютсак 100 фоиз кейинги босқичга чиқишни ҳал қиламиз. Ўз хатомиз орқали гол ўтказдик. Асліда рақибни ҳар томонлама ютдик. Битта гол урганимизда ютган бўлардик.

- Ўртада деярли бир ой танаффус бўлади. 24 декабргача футболчилар ҳолатини бир маромда ушлаб туриш учун қандай режалар тузиляпти?

Акмал Шорахмедов: - “Бунёдкор” билан ўйиндан кейинги режаларни ҳали билмайман. Менга фақат ушбу учрашувларга тайёрлаш айтилган. Қолганини вақт кўрсатади. Менинг вазифам “Андижон”ни сақлаб қолиш. Шунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Бутун жамоа – базадаги ишчилар, матбуот, ҳаммамиз бир оила бўлиб ҳаракат қиляпмиз. Кейинги ўйинни ўйлаймиз. 24 декабр куниги учрашув “Бунёдкор” билан баҳсдан кейин ўйланади. Ҳозир бунга вақтли.

- Жамоа ғалабага чанқоқ ўйнади. Бироқ бир нечта вазиятда ҳакамларни қарорига эътирозлар бўлди. Ўйинни бошқарган ҳакамга қандай баҳо берасиз?

Акмал Шорахмедов: - Бизга ҳам “симпатия” қилишганида яхшироқ бўларди. VAR йўқ, ҳеч нарсани исботлай олмаймиз. Нима бўлган тақдирда ҳам гол ура олдик. Лекин гол ҳам ўтказиб қўйдик. Биринчи голимизни урдик, шундан хурсандман.

- Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида 3 та ҳужумчи билан ўйнаймиз, ҳужумга борган ўйинчи ҳимояни ўйламаслиги кераклигини айтган эдингиз. Қарши ҳужумда рақиб гол уриб кетди. Шу икки нарсани бир-бирига боғлаган бўлармидингиз?

Акмал Шорахмедов: - Фикримча, ким орқада турган бўлса ўша ўйнаб қўйиши керак. Ким олдида турган бўлса у ҳужумда ўйнаб қўйиши керак. Орқада турган футболчи ҳимоячимиди ёки ҳужумчимиди, рақиб билан ўйнаши лозим. Ҳозир кимнидир айбдор қилиш ниятим йўқ. Таваккал қилиб, ҳужумга кетдик.

- Иккинчи таймда захирадан ҳимоячи Ислом Маматковни ҳужумга туширдингиз. Бу ҳам таваккалми ёки олдиндан ўйланган режами?

Акмал Шорахмедов: - Олдиндан ўйлаган режам эди. Ютаётганимизда Ислом Маматковни учинчи ҳимоячи қилиб туширмоқчи эдим. Чап тараф ҳимояда кимни қўйиш билан ушланиб қолдим. Ўша пайтининг ўзида гол ўтказиб юбордик. Бизда бошқа ҳужумчи йўқ. Шунинг учун Маматковни ҳужумга қўйдим. Чунки ўйин охири, бўйи пастроқ ўйинчини тушириш тўғри келмасди. Олдиндан унга айтгандим: ё учинчи ҳимоячи бўлиб тушасан, ёки ҳужумчи бўлиб тушасан деб тайинлаганман.

- “Андижон”да ўзгаришлар бўлди, жамоа натижалари яхши эмас. Футболчиларда кайфият қандай? Тушкунлик борми? Жамоа плей-оффга тушиб қолиши мумкин.

Бектемир Абдуманонов: - Бу нарса ҳамманинг бўйнига тушади. Бу вазиятдан чиқиб кетишимиз керак. Ҳали имконимиз бор. Битта учрашувга яхши тайёргарлик кўриб, финалга чиққандай чиқиб, ютган ҳолда кейинги босқичга чиқишимиз мумкин.

- Охирги турда ростдан ҳам Қатарда гуруҳ фаворитини ютганингизга кўзингиз етаяптими?

Бектемир Абдуманонов: - Худо хоҳласа, ғалаба учун чиқамиз. Битта ўйинда ҳамма нарса ҳал бўлади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг