Аббос Эргашев: «Биз кубок саралаш ўйинларига тайёрмиз. Ишонаманки, жамоамиз ўз олдидаги илк вазифани муваффақиятли якунлайди»
Ўзбекистон кубоги саралаш босқичларига қуръа ташланди. «Гулистон» футбол клуби ўз юришини 1-босқичдан бошлайди. Илк рақиб «Sonyc X» жамоаси бўлади.
Қуръа ташлаш маросимида иштирок этган жамоамиз бош мураббийи Аббос Эргашев билан кичик суҳбат уюштирдик.
«Ўзбекистон кубоги саралашидаги илк рақибимизни билиб олдик. «Гулистон» илк расмий баҳсини ўтказади. Ҳозирда янги мавсумга юқори кайфият ва сифатли тарзда шуғулланмоқдамиз. Ўйлайманки, саралашнинг ҳар бир босқичини муваффақиятли якунлай оламиз. Футболчилар ва мураббийлар штаби бўлажак баҳслардан умиди катта. Ишонаманки, ўз олдимизга қўйилган дастлабки мақсадлардан бирига эришамиз.
Машғулотларимиз давом этмоқда. Умумий ҳолатда айтсам, ҳаммаси яхши. Лекин айрим ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини янада яхшилашимиз керак. Умуман олганда ҳали қилинадиган ишларимиз кўп. Барчаси мавсум стартига қадар янада яхши ҳолатга олиб келамиз деган умиддаман.
22 март санаcига қадар иккита назорат ўйинида майдонга тушамиз. Бу орқали йигитларнинг ҳолатини яна бир карра кўриб оламиз. Мени қувонтирган жиҳат шуки, йигитлар ҳозирда ҳар бир машғулотда астойдил меҳнат қиляпти.
Ўзбекистон кубогида ҳам мақсад ва вазифаларни белгилаб олганмиз. Аввало, саралаш баҳсларини муваффақиятли тугатишимиз керак. Турнирда Суперлига ва Про лига жамоаларига қарши баҳслашиш мумкин. Бу эса жамоамиздаги ёш йигитларнинг янада ўсиши ва ривожланишига катта хизмат қилади.
Шунингдек, олган тажрибаимиз биринчи лига мусобақасида жамоамизга фақат ва фақат фойда келтиради», — дейди Эргашев клуб матбуот хизматига берган интервьюсида.