Ҳақамлар академиясига саралаш жараёнлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси майдонида “Ҳақамлар академияси”га кириш учун саралаш синовлари бошланди. Мазкур жараёнларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган ёш ва иқтидорли ҳакамликка қизиқувчилар иштирок этмоқда.
Саралаш доирасида иштирокчилар учун амалий машғулотлар бошланди. Уларнинг ўйин жараёнидаги ҳаракатлари ва қарор қабул қилиш қобилияти тажрибали мутахассислар томонидан баҳолаб борилмоқда. Жумладан, Равшан Ирматов, Бобур Ҳайдаров, Валентин Коваленко ҳамда Александр Попов иштирокчиларнинг фаолиятини кузатиб, тегишли тавсиялар бермоқда.
"Сизларда юқори салоҳият ва интилиш мавжуд. Агар ўзингизнинг устиңизда тизимли ва изчил ишласангиз, биз сизлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб берамиз. Олдингизга халқаро даражадаги ҳакам бўлишни аниқ мақсад қилиб қўйишингиз лозим.
Ҳақамлик фаолиятида ёш мезони ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Энг муҳим жиҳатлар — билим даражаси, профессионал тайёргарлик, майдондаги ўзини тутиш ва ўйинни самарали бошқариш қобилиятидир. Шу боис, юқори савияга эга ҳакамларга катта ўйинларда фаолият олиб боришлари учун имконият яратилади.", — деди Равшан Ирматов.
Шунингдек, инструктор Александр Попов саралаш жараёнининг тартиби, баҳолаш мезонлари ва замонавий ҳакамлик талаблари ҳақида батафсил маълумот берди.
Мазкур саралаш босқичлари орқали энг иқтидорли номзодлар танлаб олиниб, “Ҳақамлар академияси”да таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар.