Санжар Шоаҳмедов: «Чемпионатни ғалаба билан бошлаб олишимиз муҳим»
"Металлург" янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда.
Мавсум стартига бир ойдан камроқ вақт қолди. Қуръа натижасига кўра илк турда "Яйпан" клубига қарши майдонга тушадиган бўлдик. Фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз етакчиларидан бири Санжар Шоаҳмедовнинг мавсум олдидан фикрлари билан қизиқдик.
"Тайёргарлик жуда яхши кетмоқда. Машғулотлар, ўртоқлик учрашувлари барчаси режа асосида бўлмоқда. Тайёргарликни Бекободдаги қароргоҳда давом эттиряпмиз. Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш учун муносиб шарт-шароитлар яратилган. Йигитларнинг ҳам кайфияти аъло даражада, машғулотларни қизғин руҳда давом эттиряпмиз.
Лиганинг бошқа жамоалари ҳам янги мавсумга тайёрланмоқда. Ҳар бир клуб имкони борича кучли таркиб шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир бир жамоани қолганлардан кучлироқ, бошқасини эса кучсиз дейиш ноўрин бўлади. Барчасини бевосита ўйинлар кўрсатади. Жамоаларнинг асл кучини ҳозир айтиш қийин.
"Яйпан" жамоаси таркибида ҳам яхши, ёш футболчилар бор. Уларни тажрибали мураббий Ғофуров тайёрламоқда. Бугача ушбу жамоага қарши майдонга тушмаганман. Бу илк тўқнашув бўлади. Умид қиламанки, барчаси биз учун яхши натижа билан якунланади. Бунинг учун эса астойдил меҳнат қилишимиз кераклигини тушуниб турибмиз. Қолгани майдонда ҳал бўлади.
Айтиб ўтганимдек, тайёргарлик аъло даражада кетмоқда. Чемпионатни ғалаба билан бошлаб олишимиз муҳим. Умуман олганда, исталган рақибга қарши баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз, аммо ҳеч кимдан қўрқмаймиз", - деди Санжар Шоаҳмедов.