Профессионал бокс оқшоми ўтказилди
Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази қошида фаолият юритаётган “Olympic Club” навбатдаги профессионал бокс оқшомини юқори савияда ташкил этди. Мазкур бокс кечаси рейтинг баллари учун аҳамиятли жанглар билан спорт мухлислари эътиборини тортди.
Турнир доирасида бир қатор қизиқарли ва муросасиз беллашувлар бўлиб ўтди. Айниқса, юртимизни ҳаваскор бокс йўналишида дунёга таниқтириб келаётган иқтидорли боксчиларимизнинг профессионал рингда ҳам ўз маҳоратларини намоён этгани тадбирга алоҳида шукӯҳ бағишлади. Улар профессионал бокс талабларига мос равишда тайёргарлик кўриб, мухлисларга ёрқин жанглар тақдим этдилар.
Рейтинг очколари учун ўтказилган жанглар спортчилар учун муҳим босқич бўлиб, уларнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Кеча давомида техник жиҳатдан пухта тайёргарлик, юқори тезлик ва кучли зарбалар намоён этилди. Рингда ҳақиқий спорт руҳи ва ғалабага бўлган интилиш яққол сезилди.