locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жаҳон чемпионатида бутун дунёни ҳайратга солган Кабо-Верде терма жамоасининг 7 қаҳрамони

Кабо-Верде терма жамоаси ЖЧ–2026 билан хайрлашди.
Жаҳон чемпионатида бутун дунёни ҳайратга солган Кабо-Верде терма жамоасининг 7 қаҳрамони
ФОТО: Getty images

40 ёшли дарвозабон Возинья жамоанинг энг ёрқин юлдузига айланди. Бироқ дебютант терма жамоанинг муваффақиятига ҳисса қўшган бошқа қаҳрамонлар ҳам етарлича.

Кабо-Верде терма жамоаси ЖЧ–2026 билан хайрлашди, аммо асосий вақтда бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмади.

Турнир дебютанти Испания билан дуранг ўйнади (0:0), Уругвайдан очко олди (2:2) ва плей-оффда амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага фақат қўшимча вақтдагина имкониятни бой берди (2:3). Африка вакили ўзининг жасур ўйини билан бутун футбол мухлислари меҳрини қозонди. Қуйида жамоанинг энг ёрқин футболчилари ҳақида сўз юритамиз.

Возинья

40 ёшли дарвозабон чемпионатнинг энг катта кашфиётларидан бири бўлди. У нафақат ишончли ўйини, балки ижтимоий тармоқлардаги мислсиз оммалашуви билан ҳам эътибор марказига чиқди.

Турнир бошланишидан аввал Возиньянинг атиги 45 минг нафар обуначиси бор эди. Жаҳон чемпионатидан сўнг эса бу рақам 18,8 миллионга етди. Бу — футбол тарихидаги дарвозабонлар орасидаги энг катта ўсишлардан бири.

Возинья турнирда 18 та сейв амалга ошириб, бу кўрсаткич бўйича фақат Кюрасао дарвозабони Элой Ром (20) ва Парагвай посбони Орландо Гил (19)дан ортда қолди. Шунингдек, у 40 ёшдан кейин Жаҳон чемпионатида икки марта «қуруқ» ўйин ўтказган тарихдаги учинчи дарвозабонга айланди.

Кевин Ленини

Россия чемпионати мухлисларига яхши таниш бўлган Кевин Ленини 2022 йилдан буён «Краснодар» шарафини ҳимоя қилиб келади ва клуб билан Россия чемпиони бўлган.

Жаҳон чемпионатида эса у Кабо-Верде тарихидаги илк гол муаллифи сифатида ном қолдирди. У Уругвайга қарши баҳсда жарима зарбасини маҳорат билан ижро этди ва тарихий голни киритди.

Ҳозирча у миллий жамоа сафида 35 та ўйин ўтказган бўлса-да, бу кўрсаткич яқин йилларда янада ўсиши кутилмоқда.

Сидни Лопеш Кабрал

4 миллион евролик трансфер баҳосига эга бўлган қанот ҳимоячиси ёзда «Бенфика»дан Туркиянинг «Трабзонспор» клубига кўчиб ўтди.
Аргентинага қарши учрашувда Кабрал турнирнинг энг чиройли голларидан бирига муаллифлик қилди. Узоқ масофадан берган кучли зарбаси тўпни дарвозанинг узоқ «тўққизлиги»га жойлади. Голдан кейин у трибунага югуриб чиқиб, бу голни севган қизи билан нишонлади.

Дуарте

27 ёшли ҳужумчи Венгриянинг «Академия Пушкаш» клубида тўп суради ва трансфер қиймати 1 миллион еврони ташкил этади.

Уругвайга қарши ўйинда захирадан тушиб, дарҳол учта хавфли вазият яратди. Opta маълумотларига кўра, бу турнирда захирадан тушган футболчилар орасида учинчи энг яхши натижа бўлди.

Аргентинага қарши баҳсда эса Дуарте жаҳон чемпионларининг дарвозасини ишғол қилиб, ўз номини тарихга ёздирди.

Роберто Лопес

Жамоанинг энг тажрибали футболчиларидан бири Ирландиянинг Дублин шаҳрида туғилган.

Унинг Кабо-Верде терма жамоасига чақирилиши қизиқ воқеа билан боғлиқ. Роберто ҳазил тариқасида отаси Кабо-Вердедан эканини айтган. Бу гап терма жамоа бош мураббийигача етиб борган ва у футболчига таклиф юборган.

Биринчи хабар нотаниш тилда келгани учун Лопес уни спам деб ўйлаган. Кейинги мактубни таржимон орқали ўқиб чиққанидан сўнг эса миллий жамоага қўшилишга қарор қилган. Бугун у терма жамоанинг асосий устунларидан бири ҳисобланади.

Жамиру Монтейру

32 ёшли ярим ҳимоячи Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида туғилган ва миллий жамоа сафида қарийб 60 та учрашув ўтказган.
Фаолияти давомида у Нидерландия, АҚШ, Туркия ва Франция клубларида тўп сурган.

Монтейру меҳнаткашлиги, интизоми ва ҳимоядаги фойдали ҳаракатлари билан ажралиб туради. У миллий жамоада ўтказилган ўйинлар сони бўйича олтинчи ўринда бормоқда.

Райан Мендеш

Кабо-Верде терма жамоаси етакчиларидан бири бўлган тажрибали ҳужумчи турнир давомида ҳам ўз салоҳиятини намойиш этди. У жамоанинг ҳужумларини бошқарди, ёш футболчиларга етакчилик қилди ва муҳим вазиятларда совуққонлигини сақлади.

Мендешнинг тажрибаси ва лидерлик фазилатлари дебютант жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштирокида муҳим омиллардан бири бўлди.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг